EXMO affiliate program

Ютуб

Ўтган ойда ушбу операцион тизимда ишловчи қурилмалар учун кўплаб янги иловалар ишлаб чиқилди, яна мавжудлари янгиланиб, янада оммавийлик касб этди. Улар орасидан энг яхши дастурлар рўйхатини қисқача тавсифлари билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

1. Gboard

Google компаниясининг бу клавиатураси ҳар бир янгиланишда тобора «ақллилашиб» бормоқда. Gboard’нинг янги версияси сизнинг эскизларингиз бўйича эмотиконлар танлашни ҳам ўрганиб олган. Шунчаки, клавиатура устида керакли белгини чизасиз, шу заҳотиёқ Gboard’нинг ақлли алгоритми унга ўхшаш эмотиконни танлаб, чиқариб беради.

Уни мана бу ҳавола орқали қурилмангизга кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин.

2. Brightness Tweak

Ушбу кичкина утилита тунги мутолаа ишқибозларига жуда қўл келади. Унинг ёрдамида экран ёрқинлигини ҳатто телефонингиз ишлаб чиқарувчиси белгилаганидан ҳам пастроқ қилиб созлаш имкони мавжуд.

Brightness Tweak иловаси Arbusk никли дастурчи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг XDA форумидаги саҳифасидан мана бу ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

3. Face Swap

Face Swap иловаси – Microsoft’нинг тажрибавий ишланмалар билан шуғулланувчи бўлимининг навбатдаги маҳсулотидир. У фотосуратдан кишининг юзини ажратиб олиш ва кейин уни исталган бир бошқа расмга жойлаш қобилиятига эга. Мазкур дастур қўллайдиган алгоритмлар туфайли, «қирқиб» олинган юзнинг ранглари ва жойлашуви бошқа расмдаги бошга ажойиб тарзда мослашади.

Уни мана бу ердан кўчириб олиб ўрнатиш имкони бор.

4. Nimses

Nimses ҳали яқиндагина ишга туширилган, аммо у аллақачон жорий йилнинг энг жарангдор лойиҳаси номига муносиб бўлган. Бу – янги турдаги ижтимоий тармоқ бўлиб, унда ҳар бир дақиқа учун виртуал ҳисобингизга виртуал валюта – ним тушиб боради. Nimses’да ҳар бир ҳаракат учун ним валютасида пул тўлашингиз керак, сизнинг постларингизга билдирилган муносабатлар учун эса сизнинг ҳисобингизга ним тушиб боради.

Ушбу иловани Google Play’дан мана бу ҳавола ёрдамида юклаб олиш мумкин.

5. Fidget Spinner

Спиннер – қўлда айлантириб ўйналадиган ўйинчоқлар кейинги пайтларда дунё бўйлаб оммалашиб кетди. Унинг турли шакл ва кўринишдаги намуналарига кишилар кўплаб буюртмалар беришмоқда. Агар сиз ҳам синаб кўришни истасангиз, аммо ҳақиқийси бўлмаса, виртуал спиннер ўйнаш имкони ҳам бор – Fidget Spinner иловаси айнан шунинг учун ишлаб чиқилган.

Унда виртуал спиннерни 5 мартагача айлантиришингиз мумкин, бунда унинг имкон қадар кўп айланишига эришмоғингиз керак бўлади. Бу дастурни мана бу ердан юклаб олиб ўрнатсангиз бўлади.

6. Key Mapper

Одатда смартфоннинг моддий тугмачалари учта амални бажаришга мўлжалланган: орқага – олдинги босқичга қайтиш, иш столига ўтиш ва очилган иловалар рўйхатини кўриш. Key Mapper иловаси эса ушбу тугмачаларга қўшимча тарзда узоқ муддатли ёки икки марталаб босишларни ҳам англаш қобилиятини бахш этади. Мазкур ҳаракатлардан ҳар бирига сиз ўзингизга керакли функцияларни белгилаб қўйишингиз мумкин бўлади.

Key Mapper’ни ушбу ҳавола ёрдамида Google Play’дан кўчириб олиш имкони бор.

7. Adobe Scan

Adobe компаниясининг янги иловаси смартфонингизни ихчам сканерга айлантиради. Adobe Scan сиз суратга олган ҳар қандай матнли расмни қайта ишлай олади. Шунингдек, қурилмангиз хотирасидаги тайёр расмларни ҳам ўқий билади. Бу дастур суратлардаги матнларни ўқиб олиб, матн тарзида – PDF форматида Adobe Cloud’да сақлайди.

Мазкур иловани кўчириб олиш учун ушбу ҳавола орқали ўтасиз.

8. Nova Launcher

Кўпчилик фойдаланувчилар аллақачон Google Now интеллектуал ёрдамчисига кўникиб улгуришди. Аммо унинг катта бир нуқсони бор – фақатгина Google’нинг фирмавий лаунчери таркибида ишлайди. Android лаунчерининг ўрнига таклиф этиладиган энг яхши муқобил – Nova Launcher ишлаб чиқувчилари мазкур чекловни айланиб ўтиш йўлини топишган. Мазкур иловани ўрнатиб олсангиз, Google Now интеллектуал ёрдамчиси унинг қобиғида ҳам тўлақонли ишлайди.

Nova Launcher дастурини мана бу ердан олиб ўрнатиш мумкин.

9. Telegram

Мазкур мессенжер ўз фойдаланувчиларининг мулоқотларидаги махфийликни юқори даражада таъминлаши билан машҳур. Гарчи Россияда уни блоклаш эҳтимоли юзага келган, рақобатчилари зўр бериб ундан ўзиб кетишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, барибир Telegram энг яхши иловалар қаторида турибди.

Google Play’дан бу иловани мана бу ҳавола ёрдамида юклаб олиш имкони мавжуд.

10. Rootless Pixel Launcher

Pixel Launcher – махсус қобиқ бўлиб, фақат Google Pixel смартфонларидагина амал қилади. AmirZ никли дастурчи эса бу иловани бошқа қурилмаларда ҳам ишлайдиган қилиб қайта ишлаган. Натижада Google ишлаб чиққан дастурнинг нусхаси – Android тизимли ҳар қандай смартфонда ишлайдиган Rootless Pixel Launcher иловаси юзага келган.